Ҳар қачонгидан-да маъсума, мафтункор ва латофатли. Оптимист ва сертабассум! Шаҳзоданинг ўзига хос услуби: саҳнада ортиқча қилиқлар қилмайди, раққосалардек серҳаракат ҳам эмас... У қалбдан куйлайди ва кўзлар билан сеҳрлайди!
"Истиқлол”да Шаҳзоданинг янги концертига 1-майдан старт берилди. Етти кунлик дастурнинг биринчи кунида томошабин бўлдик. Бошланиши чакки эмас. Жузъий камчиликлар кунлар давомида "ранда”ланиб боришига шубҳа йўқ. Саҳна декорацияси жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Чироқлар кўзни қамаштирмайди, экрандаги махсус видео-роликлар энса қотирмайди. Хонанда бир нечта қўшиқларини ремикс талқинда ижро этди. Қизил парда олдида қоп-қора жилокор либосда тиктурар микрафонда қўшиқ куйлаб, танго муҳитини яратган бўлса, узун нурлар нишони остида саксафон билан романтик оламга чулғанди... Концертнинг қоқ ўртаси эса диско-partyга уланиб кетди. «Қўллар тепага” инглиз тилида жаранг топди. Ди-джей қиз ҳаммани рақсга чорлади. Шаҳзода рус тилидаги альбомидан энг сара қўшиқларини куйлади. "Оғироёқ” юлдуз шўх тароналарида қотиб қолмади: имкон қадар қўшиқлар руҳиятига мос ҳаракатлар қилишга уринди!
Россиялик юлдузлардан бир нечтасининг табрикномаси экранда намойиш этилди. Улар орасида ўзбек ҳамкасбларидан Фаррух Зокиров ва Нилуфар Усмонова ҳам бор эди. Шаҳзоданинг ўзига хос услуби: у қалб кечинмаларини, қўшиқларини кўз сеҳри орқали ифодалашидир! Бу борада ҳеч ким унга тенглаша олмаса керак! Янги фарзанд кутаётган она болажонлар учун ажойиб туҳфасини тақдим этди. "Муҳаббат мевалари”га бағишлаб "Чико” қўшиғини ижро этаркан, ҳар бир томошабинга ёқимли онларни улашди.
Концерт кутилмаган тарзда якун топди. Одатдаги концертлардан фарқли ўлароқ, биронта қўшиқ билан хайрлашиш эмас, кулгули саҳна кўриниши Шаҳзоданинг "ҳисобот”ига якун ясади: Ҳалима келинлик либосида чиқиб, томоша залига қарата гул отди! Happy end!