Қайси хонанданинг концертини устун қўясиз? Даракчи.uz айнан мана шундай савол билан сизларга мурожаат қилганди.
Сўровномада Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков каби халқ артистлари қаторида бугунги ёшларнинг севимли хонандалари Райҳон, Шаҳзода, миллий қўшиқлари билан халқ оғзига тушиб бораётган Ботир Қодиров ва Алишер Файз ҳамда фақт жонли ижрони олқишлайдиган Жаҳонгир Отажонов номзоди иштирок этди.
Сўровномада қатнашганларнинг 33,3% Юлдуз Усмонованинг концертини устун қўйишини маълум қилган. Ушбу кўрсаткич билан Усмонова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, бугунги кунда концертининг давомийлиги бўйича биринчиликда бораётган Озодбек Назарбеков 16,7% овоз билан иккинчи бўлди.
Учинчи ўрин эса кутилмаганда Шаҳзодага насиб этди. Гарчи бир неча йиллик танаффусдан кейин энди-энди оёққа тураётган бўлсада унга 68 киши овоз берган. Мос равишда 11,8% ва 11,2% овоз тўплаган Ботир Қодиров ва Жаҳонгир Отажоновлар 4 ва 5-ўринларни эгаллашди.
Бугунги кунда ёшларнинг энг суюкли хонандаси, концертларини шоу даражасига олиб чиқаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони соҳибаси Райҳон эса барчани ажаблантириб 6-поғонага жойлашди. Унинг учун бор-йўғи 38 киши (7,4%) овоз берган. Охирги поғонада эса Алишер Турдиев (Файз) ўрин эгаллади.
Демак, натижалар томошабин барибир ҳақиқий санъатни ёқлашини кўрсатди. Қарийб 6 йилдан бери концерт бермаётган, клиплар телеэкранларда айланмаётган Юлдуз Усмонованинг ҳали ҳам мухлислар томонидан олқишланиши шундан далолат бермоқда. Ўтган асрнинг 80 - йиллари иккинчи ярмида оммавий ижодини бошлаган Юлдуз Усмонова 2007 йилгача Тошкентдаги "Истиқлол" санъат саройида концерт дастурини тақдим этган. Энг кўп 21 кунгача концерт берган санъаткор ўша йили жонли ижро учун икки ҳафтадан ортиқ давом этадиган концерт оғирлик қилишини таъкидлагани ҳолда, кейинчалик дастурларини 14 кундан оширмаган эди.